Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Янги Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшиш – инсоний бурчимиз

05 Январь 2024, 09:01

863

Ички ишлар вазирлиги академиясида Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов билан учрашув бўлиб ўтди.

Магистратура тингловчилари, профессор-ўқитувчилар, ёш авлод вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган улкан ўзгаришлар, инсон қадрини юксалтириш йўлидаги кенг қамровли ислоҳотлар, тараққиётимизнинг янги даврини белгилаб берган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор ғоя ва мақсадлари юзасидан атрофилича фикр алмашилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган халқпарвар сиёсат “инсон – жамият – давлат” деган эзгу тамойилнинг амалий рўёбига, адолат ва демократия тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилмоқда.

Қўмита раиси барча жабҳалар қатори парламент фаолиятига тўхталар экан, сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги соҳаси тубдан янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб ўтди. Янгиланган Конституциямиз асосида қабул қилинаётган қонунлар, аввало, инсон қадри ва манфаатларини улуғлашга, халқимизни рози қилишга қаратилгани билан долзарб мазмун-моҳият касб этаётгани айтилди.

– Бугунги давр ҳар биримиздан жамиятнинг илм-маърифатли вакили сифатида юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишни, халқ корига камарбаста бўлишни талаб этмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, виждони, маънавияти бор инсон Ватанини албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир, – деди Қутбиддин Бурхонов.

Тадбир давомида академия бошлиғи Рустам Хатамов ҳам сўз олиб, Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш, айниқса магистратура тингловчиларининг бошқарувга оид салоҳиятини юксалтириш, уларни юртимиздаги улкан ислоҳотлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар билан таништиришда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди.

Шу куни меҳмонлар таълим муассасаси ҳаёти, ўқув жараёнига кенг татбиқ қилинган янгиликлар билан яқиндан танишдилар.

ИИВ академияси ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech