Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЯНГИ АВЛОД РАҲБАР КАДРЛАРИ халқчил ислоҳотлар самарасини таъминлайди

01 Сентябрь 2022, 06:09

1675

Тадбирни таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хатамов кириш сўзи билан очди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ишлар органларини ислоҳ этишга қаратилган кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса ички ишлар органларини аҳолига ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, тизимни чинакам халқчил тузилмага айлантириш мақсадида кадрлар тайёрлашнинг замонавий механизмлари амалиётга татбиқ қилинди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Мазкур қарор билан Ички ишлар вазирлиги академиясида таълимнинг магистратура йўналиши ташкил этилиб, янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш йўлга қўйилди.

Битирув тадбирида ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов соҳа ходимларининг интеллектуал ва касбий салоҳияти, маънавий-маърифий савияси, жанговар-жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларга тўхталди.

– Ички ишлар органлари фаолиятига мутлақо янгича иш услублари жорий қилинмоқда, – деди А. Икрамов. – Бундай шароитда замонавий билим ва касбий тайёргарликка эга, юксак ватанпарварлик руҳида тарбияланган раҳбар кадрларга эҳтиёж тобора ошиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарорида ҳам ички ишлар органи раҳбарлар таркибининг тегишли лавозимига тайинланиши учун ходимларнинг Академия магистратурасида ўқиши шартлиги алоҳида белгилаб қўйилди. Шундан келиб чиқиб, магистратурада ўқув жараёни миллий ва халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларига таянган ҳолда замонавий ёндашувлар асосида ташкил этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, дастлабки ўқув йилида магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” ҳамда “ташкилий-тактик бошқарув” йўналишларига 149 нафар номзод ўқишга қабул қилинди. Тингловчилар ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолиятини ташкил этиш ва бошқаришга йўналтирилган модулли тизим асосида таълим олдилар. Бунда ҳар бир ўқув модули якуни бўйича малакавий амалиётлар ташкил қилиниб, назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Таълим сифатини ошириш мақсадида машғулотларга давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакиллари, нуфузли олий таълим муассасаларидан олим ва экспертлар, шунингдек ички ишлар вазири ўринбосарлари, вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, Академия раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари жалб қилинди.

Тингловчилар ИИВ соҳавий хизматлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББлари, Республика суд экспертизаси марказида бевосита биринчи раҳбарлар мураббийлигида малакавий амалиёт ўтадилар. Магистрлик илмий-тадқиқот ишларини тайёрлашда эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Жамоат хавфсизлиги университети, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура академияси билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Туркия Республикасида қисқа муддатли ўқув йиғинлари ташкил қилиниб, тингловчиларнинг раҳбарлик ва бошқарувга доир кўникмалари мустаҳкамланди.

Битирув тадбирида раҳбар кадрлар олдида турган устувор вазифалар ҳам таъкидлаб ўтилди. Янгидан-янги таҳдидлар вужудга келаётган ҳозирги даврда ички ишлар органларининг куч-воситаларини оқилона бошқариш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш натижадорлигини ошириш, айниқса аҳоли муаммоларини ҳал қилишда ҳар бир раҳбар ходим ўзининг юксак ватанпарварлиги, садоқати ва масъулиятини намоён этиши кераклиги алоҳида қайд этилди.

– Ички ишлар ходими, энг аввало, халқпарвар бўлиши керак, – деди ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов. – Одамларнинг дарду ташвиши билан яшаб, мушкулини осон этишга, тинч-осойишта ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшсангиз, жамиятда обрў-эътибор қозонасиз. Муҳтарам Президентимиз “раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”, деган эдилар. Сиз, азиз битирувчилар ана шу масъулиятни доимо ҳис этиб, юксак билим ва шижоатингиз билан барчага ўрнак бўлишингиз керак.

Шундан сўнг ўқишни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга дипломлар топширилди. Генерал-майор Азизбек Икрамов, генерал-полковник Зокиржон Алматов, полковник Рустам Хатамов битирувчиларни муборакбод этиб, келгусидаги хизмат фаолиятларига муваффақият тиладилар. Тантанали тадбирда битирувчилар ҳам сўзга чиқиб, она Ватанимиз, халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган улкан ишончни муносиб оқлашга ваъда бердилар.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech