Бугун ИИВ Академиясида БМТнинг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ва терроризмга қарши курашиш бўйича электрон ўқув курсига бағишланган миллий брифинг бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси, шунингдек Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Брифингда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе ва бошқалар сўзга чиқиб, терроризмга қарши чора-тадбирлар доирасида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг асосий қоидаларини ўз ичига олган электрон ўқув курси билан таништириш тадбирнинг асосий мақсади эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари таълим муассасалари ходимлари ва курсантлари учун мўлжалланган мазкур ўқув курси БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Таълим ва тадқиқотлар институти, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.
Ушбу электрон ўқув курси Марказий Осиё минтақаси, шу жумладан, Ўзбекистонда давлатнинг терроризмга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятида инсон ҳуқуқларининг ҳисобга олинишини таъминлайди. Бундай амалий қадам давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий секторнинг БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясининг барча асосий йўналишлари бўйича фаолиятини уйғунлаштириш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш имконини ҳам беради.
Соҳа вакиллари, олим ва экспертлар, таълим олувчилар иштирок этган тадбирда электрон ўқув курсининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди, хорижий ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг тавсиялари тингланди. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан терроризмга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар миллий қонунчилик доирасида амалга оширилаётгани, бу давлатнинг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларига ҳам мос келиши алоҳида таъкидланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати