Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан давра суҳбати ва беллашув ўтказилди

13 Январь 2023, 07:01

766

ИИВ Академиясининг Ҳарбий тайёргарлик кафедраси ташаббуси билан бўлиб ўтган тадбир Ватан ҳимоячилари кунига бағишланди.

Кафедра профессор-ўқитувчилари, ўқув-саф қисми офицерлари ва курсантлар иштирок этган тадбир аввалида полковник Иброҳимжон Маҳмудов сўз олиб, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, профессионал миллий армияни шакллантириш орқали давлат хавфсизлиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги мураккаб шароитда ёшларнинг ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири саналади. Мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган концепцияда ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, улар қалбига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Шундан келиб чиқиб, ИИВ Академиясида соҳа учун кадрлар тайёрлаш, курсант ёшларнинг профессионал билим ва маҳоратини юксалтириш, таълим жараёнига ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий тарбиянинг таъсирчан механизмларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу куни кафедра қошидаги “Ҳарбий фанлар билимдони” иқтидорли курсантлар тўгараги аъзолари иштирокида беллашув ҳам ўтказилди. Жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, нишонга ўқ отиш шартлари бўйича ташкил этилган баҳслар якунида биринчи ўрин 326-гуруҳ курсанти Руслан Кушкунбаевга, иккинчи ўрин 117-гуруҳ курсанти Дилноза Жуманазаровага ва учинчи ўрин 326-гуруҳ курсанти Жаҳонгир Равшанбековга насиб этди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech