19-22 август кунлари Россия Федерациясининг Ульяновск вилоятида дзюдо фахрийлари ўртасида мамлакат очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада мезбон жамоадан ташқари, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат тўрт юз нафарга яқин иштирокчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди.
Терма жамоамиз таркибида Жамшид Файзиев, Рустам Саидов, шунингдек ИИВ Академиясидан Дилшод Чориев ва Сергей Петрянинлар татамига чиқдилар. Мусобақа якунига кўра, 81 килограмм вазн тоифасидаги иштирокчилар ўртасида Сергей Петрянин барча рақибларини мағлубиятга учратиб, биринчи ўринга сазовор бўлди. 100 килограмм вазнга эга дзюдочилар баҳсида эса яна бир вакилимиз Дилшод Чориевга ҳам тенг келадиган рақиб топилмади. Турнир давомида терма жамоамиз ҳисобига яна бир бронза медалини Рустам Саидов (90 кг) қўшиб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойида Польша мамлакати дзюдо фахрийлари ўртасидаги навбатдаги Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мазкур нуфузли мусобақада ҳам терма жамоамиз вакилларига омад тилаймиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати