Бугун, 31 март куни Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг долзарб муаммоларига бағишланган илмий-амалий конференция ўтказилди.
Вазирлик ва идоралар экспертлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган анжуманда тизим фаолияти ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўз олиб, илмий-амалий анжуманнинг асосий мақсад ва вазифаларига тўхталди.
– Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, ички ишлар органлари фаолиятини мутлақо янгича механизмлар асосида ташкил этиш, тизимни ижтимоий йўналтирилган халқпарвар, халқчил тузилмага айлантириш устувор мақсад этиб белгиланди, – деди Р.Хатамов. – Айниқса ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда қуйи бўғинларга алоҳида эътибор қаратилаётгани маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳолини қийнаётган масалаларни жойида ҳал этишда, мамлакатимиздаги криминоген вазиятни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Анжуманда Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бошлиғининг ўринбосари Умида Абдуллаева, Ёшлар ишлари агентлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Олимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Акром Тошпўлатов, ИИВ Академиясининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва криминология кафедраси бошлиғи Тўлқин Маматқулов, Тошкент давлат юридик университети профессори Саломат Ниёзова, Халқаро ислом академияси доценти Ҳамида Тўйчиева ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали амалга ошириш ва такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов анжуман якунлари бўйича фикр билдирар экан, республикамизнинг криминоген вазияти мураккаб ҳудудларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини тизимли ва манзилли амалга ошириш мақсадида Академия ишчи гуруҳлари томонидан илмий ёндашув асосида ишлаб чиқилган методик тавсиялар амалиётга самарали татбиқ этилаётганини таъкидлади.
Мутахассислар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида ягона электрон ахборот алмашинувини тизимини жорий этиш, ҳудудларда криминоген вазият таҳлили асосида ички ишлар органлари куч ва воситаларини мақбуллаштириш, ахборот технологиялари ва интернет тизимидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш каби йўналишларда таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати