Жорий йилнинг 21–24 август кунлари ИИВ Академиясида Туркия Республикаси ИИВ Хавфсизлик бош бошқармаси ҳамда Терроризмга қарши курашиш бошқармаси билан ҳамкорликда ўқув курси ташкил қилинди.
Тезкор-қидирув ва тергов соҳавий хизматлари вакиллари, Академия ихтисослик кафедралари профессор-ўқитувчилари учун ташкиллаштирилган ўқув курси машғулотлари туркиялик тажрибали мутахассислар томонидан олиб борилди.
Тингловчилар ахборот маконида содир этилаётган жиноятлар, уларнинг турлари ва олдини олиш йўллари, киберҳужумларни фош этиш ва тергов қилиш усуллари, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада ваколатли давлат органларининг асосий вазифалари, фаолиятни ташкил этиш хусусиятлари ва тамойиллари, киберхавфсизликни таъминлашда қўлланилаётган самарали ёндашувлар, шунингдек, терроризм хавфидан давлатнинг суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, замонавий террор усулларининг олдини олиш юзасидан фикр алмашиб, Туркия тажрибасининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида зарур кўникмаларга эга бўлдилар.
Ўқув курсининг сўнгги кунида туркиялик мутахассислар Академия фаолияти ва йўлга қўйилган замонавий таълим жараёни билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга таълим шакллари, мутахассис кадрлар тайёрлашга қаратилган ихтисослик йўналишлари, ўқитишнинг илғор механизмлари, айниқса киберхавфсизлик бўйича жорий қилинган ўқув дастурлари, таълим олувчилар учун яратилган имкониятлар ва истиқболдаги режалар хусусида маълумот берилди.
Шундан сўнг ўқув курси тингловчиларига сертификатларни топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Мустафо Авжи, туркиялик мутахассислардан Меҳмет Ремзи Экинчи, Лутфу Балчи, Академия раҳбари Рустам Хатамов сўз олиб, мамлакатларимиз ўртасидаги юксак ҳамкорлик алоқаларини эътироф этишди.
Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида стратегик аҳамиятга молик масалалар устувор аҳамият касб этиши, ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувининг ҳозирги босқичи замонавий хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига илғор ёндашувларни кенг татбиқ этиш, соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбир якунида 76 нафар ходимга сертификат топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати