Ички ишлар вазирлиги академиясига Туркия миллий полиция академияси ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги институти раҳбари Шенол Япрак бошчилигидаги делегация келди.
Икки томонлама мулоқотда Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва юксак ишончга асосланган муносабатларнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашилди. Халқларимизни боғлаб турган азалий қардошлик ришталари ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги босқичида мустаҳкам пойдевор бўлаётгани эътироф этилди.
Академия раҳбари Рустам Хатамов сўнгги йилларда мамлакатларимиз муносабатида янги давр бошлангани ва бу барча соҳаларда яққол кўзга ташланаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса Туркия Республикасининг турдош олий таълим муассасалари билан тажриба алмашинувининг сезиларли даражада фаоллашгани айтиб ўтилди.
Ўз навбатида, Шенол Япрак алоқаларни янада ривожлантиришдан манмунлигини билдирди. “Қардош мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг нафақат бугуни, балки келажаги ҳам порлоқдир. Самимий дўстлик руҳида ўтаётган учрашув бунга далолат беради. Биз алоқаларни янги мазмун билан бойитиш ва бир-биримизни қўллашга доимо тайёрмиз”, деди у.
Қизғин мулоқотдан сўнг меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишдилар. Таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашув ва тажрибалар, ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати юзасидан маълумот берилди.
Туркиялик меҳмонлар ўқув даргоҳининг улкан салоҳияти ва истиқболини эътироф этиб, амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга ишонч билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати