Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТУРКИЯ ПОЛИЦИЯ АКАДЕМИЯСИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ

22 Февраль 2022, 07:02

1339

Шу кунларда Туркия полиция академияси вакиллари юртимизда меҳмон бўлиб турибди. Хорижлик мутахассислар иштирокида “Инсон ресурсларини бошқариш” таълим дастури доирасида семинар-тренинг машғулотлари ташкил этиш режалаштирилган.

Машғулот олдидан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов туркиялик меҳмонлар билан учрашди. Мулоқот чоғида жаҳонда юз бераётган глобал ўзгаришлар, икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари бугунги кунда сиёсий-иқтисодий, фан-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда жадал ривожланмоқда. Икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари халқаро терроризмга қарши курашиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, киберхавфсизликни йўналишларида мунтазам ҳамкорлик қилиб келмоқда. Айниқса сўнгги йилларда соҳа учун профессионал кадрларни тайёрлашга йўналтирилган дастурлар амалиётга кенг татбиқ этилди.

– Таълим соҳасини ривожлантириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири саналади, – деди Р.Хатамов. – Ҳозирги мураккаб даврда халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўрганмай туриб, бу борада кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Туркия полиция академияси билан ўзаро тажриба алмашинувининг изчил давом этаётгани таълимга илғор ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўз навбатида, Туркия полиция академияси вакиллари Иброҳим Атач ва Мэрве Айше Акбулут муштарак мақсадлар йўлидаги амалий ҳамкорликдан мамнунликларини билдиришди.

Меҳмонларнинг эътирофича, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари кўп асрлик тарих, азалий дўстлик ва умумий қадриятларга асосланган. Ўзбекистон жадал тараққий топаётган мамлакат сифатида барча жабҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Ривожланиш тенденциясининг бундай тус олгани ўзининг ижобий натижалари билан Туркия жамоатчилиги томонидан ҳам юксак қизиқиш билан қўллаб-қувватланмоқда. Кўп қиррали муносабатларда янги салоҳият ва имкониятларни ишга солиш томонларнинг бирдек манфаатига хизмат қилади.

  Учрашувдан сўнг меҳмонлар Академияда амалга оширилаётган янгиланишларни кўздан кечирдилар. Танишув жараёнида ўқув даргоҳининг бой тарихи, ривожланиш босқичлари, хусусан, жорий йилдан амалиётга татбиқ этилган ўқитишнинг янги ва замонавий механизмлари, тингловчи-курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.

– Бугунги кунда давлат секторида инсон ресурсларини бошқариш, унинг интеллектуал қобилиятидан оқилона фойдаланиш стратегик вазифага айланмоқда, – дейди Мэрве Айше Акбулут. – Туркияда юқори салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, миллий кадрлар захирасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаралади. Чунки ҳар бир соҳа сингари полиция тизимида ҳам юқори самарадорликка эришиш етук билим ва кўникмага эга ходимларга боғлиқ. Семинар-тренинг давомида мазкур соҳадаги илғор тажрибалар ва замонавий ёндашувлар бўйича касбий малакалар оширилади.

Айтиш жоизки, 25 февралга қадар давом этадиган семинар-тренинг машғулотларига ИИВ Академия профессор-ўқитувчилари билан бирга, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси соҳавий хизматларидан ходимлар жалб қилинган.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech