Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТОМОНЛАР МАНФААТЛИ ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ТАЙЁР

12 Декабрь 2022, 09:12

1065

Ички ишлар вазирлиги академиясида АҚШ Миллий мудофаа университетининг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё стратегик тадқиқотлар маркази (NESA) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларида кўп қиррали ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойиллари устуворлик касб этади. Айниқса халқаро терроризм ва экстремизмга қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш борасида конструктив мулоқот муҳити яратилган. Шу нуқтаи назардан АҚШ Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришдан манфаатдор.

Мулоқот чоғида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш билан бирга, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди. Делегация раҳбари, стратегик тадқиқотлар маркази вакили Рожер Кангас Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари ҳамжиҳатлиги йўлидаги фаол ташаббусларини алоҳида эътироф этди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганидан мамнунман, – деди Р. Кангас. – Ҳозирги глобал шароитда таълим соҳасини кўп томонлама ҳамкорлик интеграциясини йўлга қўймай туриб, равнақ топтириб бўлмайди. Бугунги ташрифдан манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш орқали барқарор тараққиётга хизмат қилувчи таълим дастурларини амалиётга жорий этишни кўзлаганмиз. Муҳими, ҳар икки томонда ҳам ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга интилиш мавжуд.

ИИВ Академияси раҳбари Рустам Хатамов кадрлар тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, минтақавий хавфсизлик йўналишида тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди.

 – Академияни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олганмиз. Бу борада жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари, жумладан, АҚШ таълим муассасалари билан кўпвекторли ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Самимий мулоқотимиз ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш имконини берди, – деди Академия раҳбари.

Учрашувда замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда илғор тажрибаларни алмашиш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадқиқотлар олиб бориш, долзарб мавзуларда семинар-тренинг ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, “таълимда кўмак” тамойили асосида истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш, бу борада мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш борасида фикр алмашилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Академия инфратузилмаси билан яқиндан танишдилар. АҚШлик мутахассисларга таълим жараёни, мутахассислик йўналишлари, таълим масканининг илмий салоҳияти, ўқув жараёнига жорий қилинган янги ёндашувлар ҳақида маълумот берилди. Маънавият ва маърифат маркази, спорт мажмуаси, Ахборот-ресурс марказида яратилган замонавий шарт-шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Куннинг иккинчи ярмида Рожер Кангас, Ҳасан Аббос ва Мишель Хансен томонидан профессор-ўқитувчилар ҳамда магистратура тингловчилари учун “Минтақавий ва трансчегаравий таҳдидларнинг олдини олиш” мавзуида мастер-класс машғулоти ўтказилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech