Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари, профессор Умида Тўхташева Ички ишлар вазирлиги академияси магистратураси тингловчиларига машғулот ўтди.
Маърузачи коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини устувор жиҳатлари, бу борада давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг самарали фаолиятини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш масалаларига тўхталди.
Машғулот давомида ички ишлар органларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги асосий вазифалари, жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиришда профилактик ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг аҳамияти, ушбу иллатни барвақт олдини олишда очиқлик ва шаффофлик тамойилларини таъминлаш механизмлари атрофлича таҳлил қилинди.
Тингловчилар долзарб масала юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати