Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Терроризмни молиялаштиришга қарши минтақавий маслаҳатлашув

14 Ноябрь 2023, 09:11

988

13-14 ноябрь кунлари ИИВ Академиясида “Терроризмни молиялаштиришда криптовалюталардан фойдаланишга қарши курашиш” бўйича минтақавий маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Тадбир БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Евроосиё гуруҳи, Россия Федерациясининг Молиявий мониторинг бўйича федерал хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Тадбир очилишида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Мальгинов, ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов, БМТнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси департамент бошлиғи Ульрик Ахнфельдт-Моллеруп, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш Евроосиё гуруҳи Котибияти маслаҳатчиси Дарья Кудряшова сўз олиб, мавзунинг халқаро миқёсдаги долзарб аҳамиятига тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, терроризм ва у билан боғлиқ таҳдидлар глобал муаммо сифатида жаҳон ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда. Терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш ва уни молиялаштиришга тўсқинлик қилишдан биргина мамлакат ёки минтақа эмас, балки бутун дунё огоҳ бўлмоғи лозим. Чунки ахборот технологиялари жадал ривожланаётган ҳозирги таҳликали шароитда террорчилик фаолиятини молиялаштириш имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Минтақавий маслаҳатлашув ана шу муаммога биргаликда ечим топиш ва ҳамкор давлатлар иштирокида превентив чораларни ишлаб чиқишга қаратилгани билан долзарб аҳамиятга эга.

Тадбирда Марказий Осиё ҳамда Россия, Беларусь, Ҳиндистон давлатлари экспертлари, ЕХҲТ, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, МДҲ Аксилтеррор маркази, Интерпол ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан терроризмни молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада давлатларнинг миллий тизимларини ривожлантириш, молиявий оқимлар мониторингини яхшилаш, террорчилар активларини музлатиш ва криптовалюталарнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш, молиявий разведка хизматларининг фаол ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги  таъкидланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech