2-март куни Ички ишлар вазирлиги академиясида “Терроризмга қарши курашишнинг универсал норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини такомиллаштириш йўналишлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Инсониятга жиддий хавф солаётган терроризмга қарши курашиш тобора глобал тус олиб, халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган нормаларига қатъий амал қилган ҳолда терроризмнинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Сўнгги йилларда бу борада комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикасининг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021–2026 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси қабул қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур стратегия Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг умумеътироф этилган тамойил ва нормаларига асосланган бўлиб, “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида” ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунларининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган.
Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги академиялари вакиллари, соҳа мутахассислари ва курсантлар иштирок этган тадбирда терроризмга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолиятининг устувор йўналишлари, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса терроризмга қарши курашишда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати