Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ТАРИХ СИНОВИДАН ЎТГАН ДЎСТОНА ҲАМКОРЛИК стратегик йўналишларда равнақ топмоқда

29 Апрель 2022, 05:04

821

Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети вакилларидан иборат делегация  Жанубий Кореяга ташриф буюрди.

Ўзбекистон ва Корея Республикаларини кўп асрлик тарих, ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган мустаҳкам алоқалар боғлаб туради. Давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан сўнг икки томонлама алоқалар замонавий тараққиётнинг муҳим соҳаларида жадал ривожланди. Хусусан, глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланди.

Бугунги кунда томонлар хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, юзага келаётган таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада Ички ишлар вазирлиги ва Корея Республикаси миллий полиция агентлиги, шунингдек Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Корея миллий полиция университети ўртасида имзоланган Англашув меморандумлари кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда таълим тизимида ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлаш жоиз.

Корея миллий полиция университетида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув икки томонлама келишувларнинг амалий натижадорлигини ошириш ва истиқболдаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш йўлида ғоят самарали бўлди.

 Учрашув аввалида Корея миллий полиция университети президенти жаноб Ли Чёл Гу ва Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов давлатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан бир-бирини қутлади.

– Биз миллий менталитети, маданияти ва қадриятлари бир-бирига ўхшаш халқлармиз, – деди жаноб Ли Чёл Гу. – Кўҳна Самарқанд шаҳридаги  ноёб суратлар дипломатик алоқалар илдизи Буюк Ипак йўли давридан бошланганини кўрсатади. Муштарак алоқаларнинг бундай илиқ тарзда давом этиб келаётгани икки буюк миллат вакилларининг тарихан яқинлигини кўрсатади. Биз Ўзбекистон ва бу заминда яшаётган бағрикенг халқингизга алоҳида самимият билан қараймиз. Тақдир тақозоси туфайли юртингизга бориб қолган минглаб корейс ватандошларимиз бугун Ўзбекистоннинг ажралмас бир бўлагига айлангани, жамиятнинг турли жабҳаларида меҳнат қилаётгани эътирофга сазовор.

Ўз навбатида, Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов стратегик ҳамкорликнинг ижобий ҳолатига фаол мулоқот ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли эришилганини алоҳида таъкидлади.

– Жанубий Корея юксак даражада тараққий этган, улкан илмий-техникавий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлатлардан бири саналади, – деди у. – Мамлакатнинг ўзига хос ривожланиш йўли, таълим соҳасидаги илғор ютуқларини эътироф этиш жоиз. Ҳозир Ўзбекистонда Кореянинг Инха, Пучон, Ёжу, Ажу университетлари филиали ва Корея халқаро университети самарали фаолият юритмоқда. Шулар қаторида таълим муассасаларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Мураккаб пандемия шароитига қарамай, манфаатли муносабатларни изчил ривожлантиришга интилдик ва ижобий натижаларга эришдик. Бугунги мулоқотимиз эришилган келишувлар самарасини сарҳисоб этиш ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини белгилаб олиш имконини беради.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Глобал таҳдидлар кучайиб бораётган мураккаб шароитда Кореянинг илғор жиҳатларини ўрганиш муҳимлиги таъкидланиб, келгусида ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларининг Корея миллий полиция университетида малака оширишини ташкил этиш, киберхавфсизлик, IТ-технология бўйича мутахассисларни ўқув машғулотларига жалб этиш, долзарб мавзуларда семинар-тренинг, мастер-класс машғулотлари, илмий-амалий конференциялар ўтказиш, таълим жараёнида курсантлар алмашинувини йўлга қўйиш борасида таклифлар муҳокама қилинди. Корея миллий полиция университети президенти жаноб Ли Чёл Гу кўп томонлама алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Корея Республикаси билан ҳамкорликнинг энг устувор йўналишларидан бири рақамли ва ахборот технологияларидир. Хизмат сафари давомида Корея миллий полиция университети, соҳилбўйи мудофаа корпуси ва полиция махсус кучлари бўлими, Учувчисиз учиш қурилмалари ўқув маркази ҳамда Корея транспорт хавфсизлиги бошқармаси қошидаги Симуляция ўқув маркази фаолияти ўрганилиб, амалиётга татбиқ этилган илғор ёндашувларни оммалаштириш, ўзаро тажриба алмашиш борасида фикр алмашилди.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигининг изчил ривожланаётгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлаш жараёнини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш имконини бермоқда. Самарали мулоқотларнинг амалий натижаси муштарак манфаатларга хизмат қилаётгани билан эътиборга молик.    

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech