Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Талончилик жиноятини тергов қилиш: хориж тажрибаси

05 Апрель 2023, 06:04

1330

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург академияси МДҲдаги етакчи таълим муассасаларидан бири саналади. Соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган ушбу масканда ўқитишнинг самарали ёндашувлари татбиқ қилинган.

Ҳамкорлик меморандуми асосида “Талончилик жиноятини тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари: Россия тажрибаси мисолида” мавзуида ўтказилган онлайн мастер-класс машғулотида ИИВ Академиясининг “тергов фаолияти” ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар билан бирга, мутахассислик кафедраси профессор-ўқитувчилари иштирок этди. Машғулотни Санкт-Петербург академиясининг Жиноят процесси кафедраси доценти, полковник Дмитрий Ищенко, Ростов филиали Жиноят ҳуқуқи ва криминология кафедраси доценти, полковник Вячеслав Лавринов ҳамда Криминалистика кафедраси бошлиғи, полковник Валентина Осяк олиб борди.

Тажрибали мутахассислар дастлаб Россия ва Ўзбекистон жиноят қонунчилигининг айрим жиҳатларига тўхталиб, талончилик қилмиши учун назарда тутилган жавобгарлик масаласини таҳлил қилдилар. Шундан сўнг талончилик ва босқинчилик жиноятларининг криминологик ҳамда жиноий-ҳуқуқий тавсифи, уларнинг содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитлар, жамият учун хавфли бу каби қилмишларни фош этишда терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш, ҳодиса жойини кўздан кечиришда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар, тергов жараёнида процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек исботланиши зарур бўлган ҳолатлар доирасини аниқлаш ва улар бўйича ўтказилиши талаб этиладиган тергов ҳамда процессуал ҳаракатлар кетма-кетлигини белгилаш, суд-тергов амалиётида ушбу қилмишларга ҳуқуқий баҳо беришнинг муҳим хусусиятлари ёритиб берилди.

Онлайн мулоқот якунида ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштириш, мавжуд ўқув-методик базалар имкониятидан самарали фойдаланиш, долзарб мавзуларда илмий-амалий анжуманлар ўтказишга келишиб олинди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech