19-20 декабрь кунлари Хоразм вилояти ички ишлар органларида профилактика инспекторлари учун сайёр машғулотлар ташкил қилинди.
Ўқув дастурига биноан, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари томонидан ички ишлар органларидаги кенг қамровли ислоҳотлар ва долзарб вазифалар атрофлича ёритилди. Хусусан, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ижтимоий профилактикани ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш, бу борада “маҳалла еттилиги” аъзолари зиммасидаги устувор вазифалар тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, соҳа вакиллари аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқбузарликларни малакалаш ва ишга доир процессуал ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, хизмат жараёнида юзага келадиган муаммоли вазиятларни енгиб ўтиш борасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар.
Семинар-тренинг тарзида, интерфаол ёндашувлар асосида олиб борилган машғулотлар профилактика инспекторларининг иш тажрибасини оширишда муҳим аҳамият касб этгани, шубҳасиз.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати