Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Рақамли билим ва технологиялар – тараққиёт кафолати

09 Ноябрь 2021, 10:11

1659

ИИВ Академиясида ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, тизим тасарруфидаги ўқув муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тараққиётнинг муҳим омили саналган рақамли инновацион технологиялар ички ишлар тизимида самарали татбиқ қилинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад соҳа фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан самарали механизмларини жорий этишдир. Чунки ахборот маконидаги глобаллашув жараёнларининг жадал суръатлар билан кучайиб бораётгани кибероламда янги-янги хатар ва таҳдидларнинг пайдо бўлишига, пировардида жамият барқарорлигига хавф туғдирмоқда.

Йиғилишда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев сўз олиб, тизимда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Айтиб ўтилганидек, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари йилдан-йилга инновацион рақамли технологиялар билан таъминлаб келинмоқда. Айни пайтда халқаро тажрибанинг илғор ютуқларини фаолиятга самарали татбиқ этиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, соҳани янада ривожлантириш кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ.   

ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов масаланинг айни жиҳатларига тўхталар экан, таълимни рақамлаштириш, ўқув жараёнига ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни қўллаш орқали тизимни малакали мутахассислар билан таъминлаш стратегик йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда таълимни бошқаришни автоматлаштириш ва ҳар томонлама таҳлил қилиб бориш тизимини яратиш, олий таълим жараёнларини бошқариш, ахборот тизимини ишга тушириш ва ўқув, илмий, молиявий жараёнларни босқичма-босқич рақамлаштириш, шунингдек “Дубликат” ахборот тизимини ишлаб чиқиш каби қатор вазифалар белгиланган.

Академияда ҳам таълим-тарбия жараёнини замонавийлаштиришга йўналтирилган “Смарт-Академия” интеграллашган ахборот-таълим платформасини яратиш устида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида ўқитишнинг илғор ёндашувлари татбиқ этилиб, “кибержиноятларга қарши кураш фаолияти” ихтисослиги бўйича малакали кадрларни тайёрлаш, “Киберхавфсизлик лабораторияси”ни ташкил этиш, ички ишлар органлари соҳавий хизматлари фаолиятидаги электрон дастур ва тармоқларни ўқув тизимига интегратсия қилиш имкониятини кенгайтириш режалаштирилган. Муҳими, бу янгиланишлар нафақат таълим сифатини юксалтиришга, балки тизимни етук малакали кадрлар билан таъминлашга ҳам хизмат қилади.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech