Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

РАҲБАРЛИК – КАТТА МАСЪУЛИЯТ, ЕТУК САЛОҲИЯТ ВА ФИДОЙИЛИКНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

10 Август 2022, 01:08

1356

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи магистратурани тамомлаётган тингловчилар билан учрашди.

Сир эмаски, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган янгиланишлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларида яққол намоён бўлмоқда. Айниқса сўнгги йилларда ислоҳотларнинг изчил самарадорлигини ошириш мақсадида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилди. Ички ишлар органлари тизимида ҳам янгича ёндашувлар амалиётга татбиқ қилиниб, кадрларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, соҳа учун замонавий талабларга тўла жавоб берадиган бошқарув кадрларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йиғилишда таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хатамов сўз олар экан, янгидан ташкил этилган магистратура фаолиятининг устувор йўналишлари, ўқув жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар, ҳозирги мураккаб шароитда раҳбар кадрлар олдида турган муҳим вазифаларга эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, профессионал раҳбар кадрларни тайёрлаш давлатимизнинг стратегик вазифаларидан бирига айланиб бормоқда. Бу эса ходимларни нафақат касбий, балки маънавий-сиёсий ва психологик жиҳатдан юксалтириш, ҳар бир соҳа учун муносиб номзодларни танлаш ва уларни жой-жойига қўйишни талаб этади. Энг муҳими, ҳозирги мураккаб даврда ватанпарварлик, фидоийлик, адолатпарварлик, шахсий масъулият ва садоқат туйғуларини намоён этиш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

– Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига тўхталиб, “раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинади”, деб алоҳида таъкидладилар. Шу маънода, “инсон – жамият – давлат” деган тамойил устувор этиб белгиланган юртимизда ички ишлар органларини халқчил тузилма сифатида шакллантириш, одамларга хизмат қиладиган самарали бошқарув тизимларини яратиш, айниқса раҳбар кадрларнинг салоҳияти ва масъулиятини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Академия магистратурасини тамомлаётган тингловчилар ана шу талабларга мос равишда хизмат қилишлари лозим, – деди Р. Хатамов.

Йиғилишда раҳбар кадрларга қўйилаётган маънавий мезонлар,  ички ишлар органларига жорий қилинаётган бошқарувнинг замонавий усуллари, хусусан, “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” сингари ёндашувлар самарадорлигини таъминлашда соҳа ходимларининг касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш омиллари батафсил етказиб ўтилди. Тадбир якунида ўқув йили давомида ўзини ижобий томондан намоён этган, фанларни ўзлаштириш ва жамоат тартибини сақлаш тадбирларида алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ тингловчилар Академия бошлиғининг ташаккурномаси ҳамда “Лидерлар китоби” рисоласи билан тақдирланди.    

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech