Сурхондарё вилояти ички ишлар ва прокуратура органларининг 60 нафар ходими учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзуида ўқув курси ташкил этилди.
Термиз давлат университетида ўтказилаётган машғулотларнинг илк куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Яҳё Абдулҳақовнинг онлайн видеомурожаати билан бошланди.
Ўқув курси давомида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа қарши конвенцияга оид Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”, “Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуида машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, тингловчилар қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, қийноқ ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни тезкор ва холисона кўриб чиқиш, айбдор шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, жабрланувчиларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасида зарур билим ҳамда тавсияларга эга бўлишади.
17-18 май кунлари бўлиб ўтадиган ўқув курси якунида ходимларга сертификат берилади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати