23-24 май кунлари Хоразм вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида семинар ўтказилди.
Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Икки кун давомида ички ишлар ва прокуратура тизими ходимлари инсон ҳуқуқларига оид ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш, бу турдаги жиноятлар учун жавобгарлик масалалари, соҳага доир халқаро ва миллий стандартлар, хусусан, Нельсон Мандела қоидалари, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари, айбсизлик презумпцияси ҳамда бошқа долзарб йўналишларда маъруза тингладилар.
Машғулотлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Малака ошириш институти, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтининг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилди.
Семинар якунида тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификат берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати