Устозлардан сабоқ олган маскан инсон учун ҳамиша қадрли. Орадан йиллар ўтса-да, ўша даргоҳга қайтгинг, ёшлик онларининг олтин дамларини эслагинг келади.
Тошкент олий милиция мактаби ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун малакали кадрлар тайёрлайдиган илм масканларидан бири бўлган. Собиқ иттифоқ йиллари олий мактабда нафақат юртимиз, балки қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон Республикаларидан келган ёшлар ҳам таҳсил олган. Таълим жараёнида йўлга қўйилган педагогик анъаналар кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилган.
Ички ишлар вазирлиги академиясида олий мактабни 1986 йилда тамомлаган битирувчиларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Собиқ курсдошлар масканга улкан ҳаяжон ва соғинч билан қадам қўйдилар. Арчазорлар оралаб ўтган ораста йўлаклар, кўркам ўқув бинолари, саф майдонининг улкан салобати-ю, Академия тарихи музейи жўшқин хотираларни ёдга солди. Мустақиллик йиллари ўқув даргоҳида амалга оширилган мислсиз янгиланишлар, айниқса Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот-ресурс маркази, “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” ва “Буюк соҳибқирон Амир Темур” синфхоналари ҳамда бошқа замонавий иншоотлар меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Учрашувда халқимизга хос бебаҳо қадриятлар бўй кўрсатди. Ёшларга таълим-тарбия берган, ҳаёт сўқмоқларида тўғри йўл кўрсатган мўътабар устозларга иззат-икром кўрсатилиб, марҳум касбдошларнинг ибратли ҳаёти хотирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати