Мамлакатимизда жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларни ахлоқан тузатиш бўйича тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ИИВ Академиясида “Пробация хизмати назорати остидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни такомиллаштириш” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Адлия ва Ички ишлар вазирликларидан масъул ходимлар, олий таълим муассасалари вакиллари, илмий тадқиқотчилар, амалиёт ходимлари, шунингдек Академиянинг “жазони ижро этиш фаолияти” ихтисослик йўналишида таҳсил олаётган курсантлар қатнашди.
Академия бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов сўз олиб, пробация хизматини халқаро стандартлар ва замонавий илғор тажрибалар асосида ислоҳ этишга қаратилган чора-тадбирлар, соҳанинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг илмий-амалий жиҳатлари хусусида тўхталиб ўтди.
Анжуманда суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, пробация хизмати ходимлари, ҳуқуқшунос олим ва мутахассислар ўз мулоҳазалари билан ўртиқлашди. Маърузачиларнинг “Пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш ва истиқболдаги режалар”, “Пробация хизмати ходимлари фаолияти устидан прокурор назорати”, “Пробация хизмати томонидан судга тақдим этиладиган ҳужжатларни кўриб чиқиш амалиёти”, “Пробация хизмати фаолиятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш”, “Хорижий мамлакатларда пробация хизмати фаолиятини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзуидаги чиқишлари тингланди.
Пробация хизмати назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирларни кучайтириш, бу борада давлат органлари ва жамоат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати