ИИВ Академияси ишчи гуруҳи томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида ўрганишлар олиб борилди.
Бунда маҳаллаларнинг криминоген вазиятини ўрганиш асносида жиноятчиликни жиловлаш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ вакилларининг таъкидлашича, фаолият давомида ҳар бир жиноятнинг сабаб ва шарт-шароитлари, айниқса “қизил” тоифадаги маҳаллаларнинг криминоген ҳолати атрофлича ўрганилган. Маҳалла фаоллари билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд вазият муҳокама қилинган. Бундан ташқари, ўрта бўғин раҳбарларининг фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ўтказилган.
Айтиш жоизки, жойлардаги учрашувлар чоғида ИИВ Академияси томонидан тайёрланган методик қўлланмалар тақдимот қилиниб, жиноятчиликни жиловлашнинг самарали омиллари, амалиётга кенг татбиқ қилинаётган ёндашувлар тушунтирилди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, маҳаллаларнинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш борасида долзарб тадбирлар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати