Аввал хабар қилинганидек, Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA)нинг навбатдаги XI конференцияси бўлиб ўтди. Ташкилотга аъзо таълим муассасалари вакиллари, халқаро эксперт ва мутахассислар иштирок этган анжуманда долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Анжуманнинг очилиш маросимида сўз олганлар кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларининг юқори ишонч ва дўстлик тамойиллари асосида изчил ривожланиб бораётганини эътироф этишди. Айниқса замонавий таҳдидлар кўлами ортиб бораётган ҳозирги даврда манфаатли алоқаларни кенгайтириш, юзага келаётган хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Конференция ишида полиция фаолиятини рақамлаштиришнинг долзарб жиҳатлари, тизимда ахборот технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш, рақамли трансформация соҳасида тажриба алмашинувини кенгайтириш, бу борада истиқболдаги асосий вазифалар қизғин муҳокама қилинди. Иштирокчилар “Полицияда ижтимоий тармоқлар таҳлили”, “Полицияни рақамлаштириш ва таҳдидларнинг олдини олиш масалалари”, “Полицияда рақамли технологиялардан фойдаланиш” каби кун тартибидаги асосий йўналишларга бағишланган долзарб мавзуларда маъруза тингладилар. Экспертлар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Уч кун давом этган анжуман доирасида ҳамкор таълим муассасалари ўртасида самарали учрашувлар бўлиб ўтди. Хусусан, ИИВ Академияси вакилларининг Бангладеш, Саудия Арабистони, Сингапур, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Қатар, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар турдош олий таълим муассасалари делегациялари билан ўтказган мулоқотида кўп қиррали ҳамкорликнинг мустаҳкам форматини яратиш, рақамли технологиялар бўйича илғор ёндашувларни амалиётга татбиқ қилиш, инновацион таълим ютуқларидан самарали фойдаланиш, умумэътироф этилган тамойиллар руҳида амалий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Конференция ишида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси Ижроия кенгашининг йиғилиши ҳам ўтказилди. Ташкилотнинг бир йиллик фаолияти сарҳисоб қилинган йиғилишда бошқарув органи вакилларининг янги таркиби сайланди. Овоз бериш якунларига кўра, Халқаро полиция академиялари ассоциацияси президенти лавозимигига Йилмаз Чолак қайтадан сайланган бўлса, ИИВ Академияси бошлиғи Р.Хатамов Ижроия кенгаш аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа, кенгашнинг олти нафар аъзолари сафидан илк маротаба Ўзбекистон Республикаси вакили ҳам ўрин олди.
Мухтасар қилиб айтганда, юқори ишчанлик руҳида ўтган Бангладеш конференцияси жаҳондаги геосиёсий жараёнлар авж олган, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик сингари трансчегаравий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда барқарор тинчлик ва ҳамкорликка эришишнинг устувор режаларини белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати