ИИВ Академиясида “Ислоҳотлар даврида пенитенциар тизимни инновацион ривожлантириш масалалари” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция аввалида таълим муассасаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Музаффар Зиёдуллаев сўз олиб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
Сўзга чиққанлар “Жазони ижро этиш тизимининг инновацион ривожлантириш – замон талаби”, “Пенитенциар тизимнинг профилактик фаолиятида инновациянинг ўрни”, “Маҳкумларни афв этишнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш”, “Жазони ижро этиш муассасаларида маркетинг ва ахборот технологияларини жорий этиш: натижа ва истиқболлар”, “Жазони ижро этиш жойларида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш юзасидан назорат”, “Ички ишлар органлари пенитенциар тизимида инновация технологияларини қўллаш масалалари” мавзуларида маъруза қилишди.
– Ўтган давр мобайнида пенитенциар тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилди, – дейди Академиянинг Жазони ижро этиш фаолияти кафедраси бошлиғи, полковник Абдукарим Шодиев. – Айтиш жоизки, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларидан бири сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳа мутахассислари иштирокида ўтказилаётган илмий-амалий анжуман айни шу масалаларнинг ечимига ҳам хизмат қилади.
Мутасадди органлар вакиллари, соҳа мутахассислари, таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот марказлари ходимлари иштирок этган анжуманда тизим фаолияти самарадорлигига қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати