Инсон ҳуқуқларини таъминлаш янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун минтақа давлатлари ва жаҳон ҳамжамиятининг доимий эътиборида бўлмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман “Озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқларини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуига бағишланди.
БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманни таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов очди.
Айтиб ўтилганидек, сўнгги йилларда соҳага оид Ўзбекистон Республикасининг 8 та қонуни, Президентимизнинг 10 та фармон ва қарори, шунингдек 20 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, маҳкумлар ҳуқуқларини амалда кафолатлашнинг самарали механизмлари яратилди. Хусусан, амалиётга биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг пенсия ва ижтимоий суғурта олиш тартиби киритилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларга сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Ҳомиладор ва уч ёшга тўлмаган боласи бор маҳкума аёлларга нисбатан бир қатор қўшимча енгиллик ва ҳуқуқлар берилди.
Маҳкумларнинг яшаш ва овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, меҳнат қилиш шароитлари яхшиланди. Ҳар бир маҳкумга ўз шахсий хавфсизлигини таъминлашни сўраб муассаса ёки органга ариза (хабар) билан мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Амалдаги қонунчиликка озодликни чеклаш ҳамда мажбурий жамоат ишлари тарзидаги янги жазо чоралари киритилиб, уларни ахлоқан тузатиш ва ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича профилактик тадбирлар кучайтирилди. Билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга нисбатан афв институти мунтазам равишда қўлланмоқда.
Илмий-амалий анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова сўзга чиқиб, жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг ҳозирги ҳолати, бу борада Ўзбекистон тажрибасида эришилаётган ютуқлар, истиқболдаги устувор вазифалар, Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига тўхталдилар.
Анжуман доирасида “Ўзбекистон Республикаси жазони ижро этиш тизимида инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти”, “Озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар хавфсизлигини таъминлашнинг криминологик муаммолари”, “Европа пенитенциар тизимларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тажрибаси”, “Янги Ўзбекистон стратегиясида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини либераллаштириш” каби мавзуларда маърузалар, Туркия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон давлатлари вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Эксперт ва мутахассислар томонидан жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш, озодликдан маҳрум қилиш жойларида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни ахлоқан тузатишнинг самарали усул ва шаклларини амалиётга жорий қилиш, жазони ижро этиш муассасасида тартиботни мустаҳкамлаш, хорижий давлатларнинг мазкур соҳадаги илғор тажрибаларини ўрганишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Конференция якуни ва натижалари бўйича илмий мақолалар тўпламини чоп этиш режалаштирилган.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати