Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг жамоат хавфсизлиги концепцияси ҳамда 2022-2025 йилларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилмоқда.
ИИВ Академиясида Ички ишлар органларининг маъмурий фаолияти кафедраси томонидан ўтказилган республика илмий-амалий конференцияси “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси: натижа ва истиқбол” мавзусига бағишланди. Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия, ИИВ Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар маркази ҳамда “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази, шунингдек қатор олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган анжуманни ИИВ Академияси бошлиғининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари, полковник Руфтулло Нигматов очди.
Илмий-амалий конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф. Ашматов “Жамоат хавфсизлигини ҳуқуқий таъминлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари”, ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбосари – Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғи, подполковник Ш. Ибрагимов “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини “Халқ манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида ташкил этишнинг самарадорлиги”, Жамоат хавфсизлиги университети катта ўқитувчиси У. Суннатов “Жамоат хавфсизлигини таъминлашда Миллий гвардия бўлинмаларининг ички ишлар органлари билан ҳамкорлиги: бугунги ҳолати ва истиқболлари”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси доценти Б. Акрамходжаев “Жамоат хавфсизлигини таъминловчи субъектларнинг аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилишда ўзаро ҳамкорлиги, ИИВ Академияси доценти, подполковник С. Шарипов “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини ягона бошқарув тамойили асосида ташкил этиш: бугунги ҳолати ва истиқболлар”, ИИВ “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази директорининг биринчи ўринбосари У. Куланов “Хавфсиз шаҳар” комплексини республикамизда жорий этиш: зарурати ва истиқболлари”, Жамоат хавфсизлиги университети профессори И. Исмаилов “Жамоат хавфсизлигини таъминлашни такомиллаштириш истиқболлари” мавзуида маъруза қилди.
Соҳа вакиллари ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари асосида бир қатор таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати