Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ўзбек тили ва тилшунослик масалаларига бағишланди

19 Октябрь 2024, 10:10

224

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 35 йиллиги муносабати билан илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тилшунос олимлар, тадқиқотчилар, турдош олий таълим муассасалари вакиллари, Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этган анжуманда она тилимизнинг тарихи, ривожланиши ҳамда бугунги кундаги аҳамияти хусусда атрофлича фикр алмашилди.

Тадбирда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги обрўйи ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар эътироф этилди. “Она тили – умуммиллат мулки”, “Миллий ўзлик ва ғурур тимсоли”, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!”, “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини ошириш – тараққиётимиз омили” мавзуидаги маърузалар тингланди. Тил ва тилшунослик масалаларида эришилаётган ютуқлар, келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Миллат маънавиятида она тилининг ўрни бор. Шу боис, ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадрият эканлигини ҳар биримиз, айниқса ёш авлод билиши керак, – дейди Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси бошлиғи Анвар Курганов.

Анжуман доирасида юридик атамаларнинг имло ва изоҳли луғатлари тақдимоти ҳам ўтказилди. Сўзга чиққанлар янги нашрлар ихтисослашган олий ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшлар учун фойдали қўлланма бўлиб хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech