Сўнги йилларда ИИВ Академиясида таълим тизимига мутлақо янгича тизим асносида ёндашилмоқда. Курсантларнинг олган назарий билимларини янада мустаҳкамлаш борасида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
19 июль кунидан Тошкент шаҳар ИИББда ИИВ Академияси кундузги таълим 1-ўқув курси курсантлари учун ўқув-танишув ҳамда 2-ўқув курси курсантлари учун иш ўрганиш амалиёти бошланди.
Ўқув-танишув ва иш ўрганиш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Ички ишлар вазирлиги Академияси курсант ва тингловчиларининг ички ишлар органларида амалиётларини ташкил этиш тўғрисида”ги 312-сон буйруғига асосан Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида “Тезкор-қидирув фаолияти”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “Тергов фаолияти”, “Эксперт-криминалистика фаолияти”, “Хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти”, “Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича ўтказилади.
Амалиёт олдидан масъул раҳбарлар иштирокида, таълим муассасасининг 1 ва 2-ўқув курси курсантлари ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашув ташкил этилди.
Йиғилишда курсантлар томонидан амалиёт даврида қонунчилик ва хизмат интизомга қатъий риоя этишлари, тартиб интизомни мустаҳкамлашда ота-оналарнинг ҳам масъулиятли бўлишлари юзасидан сўз юритилди.
Шундан сўнг ўқиш давомида фанларни “аъло” баҳоларга ўзлаштирганлиги, жамоат ишларида фаол иштироки ҳамда тартиб-интизоми ва намунали хулқи билан сафдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ курсантларнинг ота-оналарига Академия раҳбариятининг “Миннатдорчилик хати” топширилди.
Тадбир сўнгида курсантлар бириктирилган мураббийлар билан амалиёт ўташлари учун жойларга тарқатилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати