Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари Қўқон шаҳридаги “Сунбула” маҳалласида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича манзилли ишларни амалга оширди.
Ишчи гуруҳи томонидан маҳалла ҳудудида қайд этилган жиноятлар илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилинди. Маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари иштирокида жойларга чиқилиб, содир этилган ҳар бир жиноятга имкон бераётган сабаб ҳамда шарт-шароитлар муҳокама қилинди. Чунончи, 2021 йил давомида маҳаллада ўғрилик, тан жароҳати етказиш, талончилик, безорилик каби жиноятлар ошгани маълум бўлди. Уларнинг аксарияти йирик савдо мажмуалари, аҳоли гавжум жойлар ва қўриқловга олинмаган ҳудудларда содир этилган.
– Кейинги йилларда фуқаролар билан ишлашнинг бир қатор самарали механизмлари ҳаётга татбиқ этилди, – дейди ишчи гуруҳи аъзоси, подполковник А. Худойбердиев. – Муаммолар “маҳаллабай”, “хонадонбай” ва “фуқаробай” ёндашувлар асосида ўз жойида ҳал қилинмоқда. “Сунбула” маҳалласи фаоллари билан учрашувлар чоғида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар аниқланиб, уларнинг олдини олиш бўйича методик ёрдам кўрсатилди.
Дарҳақиқат, инсон қадри улуғланган юртимизда халқ билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу эса одамларнинг дардига қулоқ солиш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, “рақамлар кетидан қувиш” каби эскича ёндашувлардан воз кечиб, ишни манзилли ташкил этиш дегани. Қўқон шаҳар ҳокимлиги, секторлар, ички ишлар органлари мутасаддилари, ҳудудий профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида ўтказилган йиғилишда айни шу масала эътибор марказида бўлди.
Очиқ ва таҳлилий руҳда ўтган учрашувда “сариқ” ва “қизил” ҳудуддаги маҳаллаларда профилактик ишларни кучайтириш, жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш, бу борада “илмий диагноз” асосида яратилган методикани амалиётда самарали татбиқ этиш, аҳоли орасида ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари мақсадли олиб бориш орқали ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, “фуқаробай” тизимнинг таъсирчанлигини ошириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш каби долзарб масалалар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати