Навоий вилоятининг Кармана, Хатирчи ва Томди туманларидаги тўртта маҳалла криминоген вазияти мураккаб ҳудуд сифатида ИИВ академиясига бириктирилган.
Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов мазкур маҳаллаларга бориб, Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада оширишга қаратилган ПҚ-1-сон қарори асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
“Бешкент”, “Арғун”, “Навбаҳор”, “Шарқ” МФЙларида бўлиб ўтган учрашувларда криминоген омилларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар бирма-бир муҳокама қилинди. “Йўл харита”лар ижроси бўйича масъуллар ва “маҳалла еттилиги” вакилларининг ахбороти тингланди.
Академия бошлиғи маҳаллаларда ечимини кутаётган ҳар бир масалага атрофлича тўхталди. Таълим муассасасига бириктирилган бошқа ҳудудларга қараганда мазкур маҳаллаларда қилиниши лозим бўлган талай вазифалар борлигини таъкидлади. Масъулларга хавфсиз кўча ва уйларни ташкил этиш, “жиноят ўчоқ”ларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳудудларни қўшимча камера ва ташвиш тугмалари билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.
Шунингдек, маҳалла фаоллари билан ёшлар жиноятчилиги омиллари ҳам муҳокама қилинди. Айрим ўсмир йигит-қизлар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир қилаётгани, ёшлар ўртасида бу каби иллатларнинг барвақт олдини олиш учун тарғибот тадбирлари қамровини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, уюшмаган қатлам билан манзилли ишлаш, оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ижтимоий профилактикага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Академия бошлиғи Ички ишлар вазирлиги академик лицейи фаолиятини ҳам ўрганди. Масканда яратилган шароитлар билан танишиш жараёнида раҳбарлар ва ўқитувчи-мураббийлар билан мулоқот қилди. Маънавий таҳдидлар, айниқса киберхуружлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитда таълим ва тарбияни узвий ҳолда ташкил этиш, ёшларда ахборот хуружларига қарши барқарор иммунитет ҳосил қилиш, уларни она Ватанимизга содиқ, чинакам ватанпарвар кадр этиб тайёрлаш энг муҳим вазифа эканлиги айтиб ўтилди. Шу куни тажрибали ўқитувчилар ва фаол ўқувчиларга ташаккурнома берилди.
Хизмат сафари давомида вилоят Ички ишлар бошқармасида академияни тамомлаган ёш ходимлар билан учрашув ҳам ташкил этилди. Йиғилишда уларнинг фаолияти таҳлил қилиниб, ёшларда хизматга мослашиш, касбий билимларни амалиётда самарали қўллаш, руҳий барқарорлик ҳамда бошқа зарур хислатларни шакллантиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати