ИИВ Академиясида Якуний давлат аттестация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари раҳбарлари, якуний давлат аттестация комиссияси аъзолари ҳамда магистратура тингловчилари иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Ички ишлар вазири ўринбосари, Якуний давлат аттестация комиссияси раиси, генерал-майор Азизбек Икрамов сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5076-сон қарори асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, ички ишлар органлари учун замон талабларига тўла жавоб берадиган бошқарув кадрларини тайёрлаш мақсадида ташкил этилган Академия магистратурасини дастлабки ўқув йилида 147 нафар тингловчи тамомлайди. Тингловчилар бир йиллик таълим дастури асосида I даражали “ташкилий-стратегик бошқарув” ва II даражали “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассисликлари бўйича раҳбарликка оид билим ҳамда кўникмаларни эгалладилар. Ўқув жараёни миллий ва хорижнинг илғор тажрибаларига таянган ҳолда ўқитишнинг модулли тизими асосида олиб борилди. Бунда, энг аввало, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали тингловчиларнинг касбий салоҳияти, маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, соҳа учун етук раҳбар кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Дарс машғулотларига давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакиллари, нуфузли олий таълим муассасаларидан етакчи олим ва экспертлар билан бир қаторда, ички ишлар вазири ўринбосарлари, вазирлик соҳавий хизматлари раҳбарлари, Академия раҳбарияти ҳамда тажрибали профессор-ўқитувчилар жалб қилинди.
Ўқув йили мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, шунингдек Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматлари, Тошкент шаҳри ва вилояти Ички ишлар бош бошқармалари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказида малакавий ҳамда илмий амалиётлар ташкил этилди. Бундан ташқари, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида тингловчиларнинг раҳбарлик ва бошқарувга оид кўникмалари янада бойитилди. Магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” йўналишида таълим олаётган тингловчилар эса Туркия Республикасида ташкил этилган ўқув курсларида қатнашиб, хориж тажрибасининг илғор ютуқларини ўрганиб қайтдилар.
Йиғилишда Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов ўқув жараёнига татбиқ қилинган янгича ёндашувларнинг ўзига хос жиҳатлари, якуний имтиҳон ва магистрлик диссертацияси ҳимояларининг мезонларига тўхталиб, тизимдаги ислоҳотлар натижадорлигини оширишда ички ишлар органи раҳбар кадрларига қўйилаётган устувор вазифалар юзасидан атрофлича маъруза қилди. Шундан сўнг якуний давлат аттестация комиссиясини ташкил этиш бўйича ички ишлар вазири ҳамда Академия бошлиғининг буйруқлари йиғилиш иштирокчиларига етказилди.
Куннинг иккинчи ярмида тингловчилар учун мутахассислик фанларидан битируволди имтиҳонлар бошланди. Якуний давлат аттестацияси ҳамда димлом ишлари ҳимоясидан муваффақиятли ўтган битирувчилар магистратурани тамомлаганлик тўғрисидаги диплом асосида ички ишлар органларининг тегишли раҳбарлик лавозимига тайинланадилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати