Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳи томонидан Андижон вилоятидаги ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Ишчи гуруҳ вакилларининг айтишича, бунда асосий эътибор “қизил” тоифадаги маҳаллаларга қаратилган. Мазкур ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазиятни яхшилаш асосий вазифа этиб белгиланган.
Ана шу мақсадда Хонобод шаҳри, Хўжаобод, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманларининг “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳудудлар аҳволи ўрганилиб, содир этилган ҳар бир жиноятнинг сабаб ва шарт-шароитлари илмий-амалий ёндашувлар асосида таҳлил қилинди.
Маҳалла фаоллари иштирокида ўтказилган учрашувларда криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар атрофлича муҳокама қилинди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшлар ўртасида жиноятга муросасизлик муҳитини қарор топтириш юзасидан тавсиялар берилди.
Айтиш жоизки, бугунги даврда миллий маънавиятимизга ёт ғояларнинг ёшлар тарбиясига таъсири кучайиб бормоқда. Бундай шароитда уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ватанпарварлик ва дахлдорлик ҳиссини ошириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ишчи гуруҳи вакиллари томонидан жойлардаги таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари ўтказилиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор мақсади, янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, давлатимиз томонидан ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар етказилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати