Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

КРИМИНОГЕН ОМИЛЛАР ИЛМИЙ ЁНДАШУВЛАР АСОСИДА ЎРГАНИЛЯПТИ

12 Ноябрь 2024, 09:11

268

Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчилари пойтахтимиз ва Тошкент вилоятининг 8 та туманида иш олиб бормоқда.

Ишчи гуруҳлар зиммасига ҳудудларнинг криминоген вазиятини илмий ёндашувлар асосида комплекс ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳудудий ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бартараф этиш вазифалари юклатилган.

Ўрганишлар давомида содир этилган жиноятларнинг сабаб ва шароитлари билан бир қаторда, криминоген вазиятга салбий кўрсатаётган омилларга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, натижадорлиги баҳоланмоқда.

Аҳолини муаммоларини ҳал этиш, фуқароларимиз осойишталигини таъминлашда “маҳалла еттилиги”нинг алоҳида ўрни бор. Мазкур тизимнинг самарали йўлга қўйилгани кўплаб масалаларни жойида ҳал этиш имконини бермоқда. Шу боис, ҳудудларни ўрганиш жараёнида “қизил” тоифадаги маҳаллаларда ҳам тизимли ишлар амалга ошириляпти. Мавжуд ҳолат фаоллар иштирокида муҳокама қилиниб, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилмоқда.

– Жиноятчиликни ўрганишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини инобатга олиш лозим, – дейди Бектемир туманига бириктирилган ишчи гуруҳ раҳбари, подполковник Бекзод Умрзоқов. – Ҳудудларнинг криминоген вазиятини таҳлил қилиш натижасида аксарият жиноятларга ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар қўл ураётгани аён бўлмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида манзилли профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини янада кучайтиришни тақозо этади.

Жиноятчиликни жиловлашда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари таъсирчан воситалардан бири саналади. Айни мақсадда маҳаллалар ва таълим муассасаларида учрашувлар ташкил қилиниб, жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатлари атрофлича тушунтирилмоқда. Айниқса умумтаълим мактабларида ўтказилаётган тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш, уларни замонавий касб-ҳунарларга қизиқтириш, турли ёт иллатлардан огоҳликка чорлашда айни муддао бўлмоқда.

Айтиш жоизки, криминоген вазиятини барқарорлаштириш йўлида олиб борилаётган ишларга академия магистратураси тингловчилари ва кундузги таълим курсантлари ҳам фаол жалб қилинган. Ҳамкорликда амалга оширилаётган профилактик тадбирлар жамоат тартибини сақлаш, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, энг муҳими, аҳоли осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech