Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Кибер маконда содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш: муаммолар ва ечимлар

26 Февраль 2022, 05:02

11809

Бугунги кунда глобал ахборот майдонида кибер макон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган илмий-амалий конференция кибер маконда содир этилаётган жиноятларга қарши курашишнинг долзарб муаммоларига бағишланди. Анжуманда қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларидан мутахассислар, ахборот технологиялари бўйича экспертлар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.   

Анжуман аввалида Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўз олиб, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибер жиноятларга қарши курашишда юзага келаётган муаммолар, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш истиқболлари ҳақида тўхталди.

Таҳлилларга кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ кибер ҳужумлар уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибер маконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. Америка Қўшма Штатлари, Франция, Англия, Германия, Бельгия, Люксембург каби ривожланган давлатларда жиноятларнинг 60-65 фоизи кибер ҳужумлар орқали содир этилмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Хусусан, ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картадаги маблағларини ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бормоқда.  

Ачинарлиси, ахборот технологиялари ёрдамида ҳуқуқбузарлик ва жиноятга қўл урган шахслар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Республикамизда виртуал оламдаги қонунбузилишларнинг аксарияти 16-23 ёш оралиғидаги ўсмир-ёшлар томонидан содир қилинмоқда. Бундан кўриниб турибдики, киберхавфсизликни таъминлаш масаласи бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. 

– Мамлакатимизда ахборот хавфсизлиги масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, кибержиноятчиликка қарши курашишнинг янги ёндашувлари амалиётга жорий қилинмоқда, – деди ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов. – Чунки виртуал оламдаги жиноятларнинг зарари ва хавфи реал оламдаги таҳдиддан ошиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Бу борада “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилинаётгани соҳани давлат томонидан тартибга солишга, мамлакатимиз ахборот тизимлари ва тармоқларига ноқонуний аралашишнинг олдини олишга хизмат қилади. 

Илмий-амалий анжуманда ички ишлар вазирининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари Нажмиддин Тураходжаев, вазирлик Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси Киберхавфсизлик маркази бошлиғи Беҳзод Мамаджанов, Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи Саидолим Нуриддинов, Тергов департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Улуғбек Авилов, Республика Марказий банки бош эксперти Дилшод Исмаилов, “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонаси бош мутахассиси Фаррух Ҳусенов, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти бошлиғи ўринбосари Бахтиёржон Раҳимов, Ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси мутахассиси Маъмура Мамаджановалар сўзга чиқишди.     

Экспертлар томонидан кибержиноятларга қарши курашишнинг замонавий тенденциялари, интернет тармоғи орқали содир этилаётган қонунбузилишларнинг олдини олиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ахборот технологияларидан фойдаланиб амалга оширилган жиноятларни криминалистик тадқиқ этиш, фош этиш ва тергов қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, киберхавфсизликни таъминлашда давлат идоралари ва хусусий секторлар ҳамкорлигини мувофиқлаштириш борасида фирк-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек хорижий давлатларнинг кибер жиноятларга қарши курашиш соҳаси бўйича малакали мутахассисларини тажриба алмашишга жалб этиш, киберхавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, Ички ишлар вазирлиги академиясининг имкониятларидан фойдаланиб келгусида ушбу турдаги жиноятларни фош этиш ва тергов қилиш бўйича алоҳида ихтисослик йўналиши ташкил этиб, малакали мутахассис кадрларни тайёрлаш юзасидан таклифлар ўртага ташланди.   

Анжуман сўнггида мазкур соҳада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академияси Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади. 

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech