Сўнгги йилларда кибер жиноятлар салмоғи дунё миқёсида ошиб бормоқда. Бу турдаги жиноятларни сифатли тергов қилиш ахборот технологияларидан самарали фойдаланишга боғлиқ.
Россия Федерaцияси Тергов қўмитаси Санкт-Петербург академияси билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн машғулотни Ахборот технологиялари ва кибержиноятларни тергов қилишни ташкил этиш кафедраси бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Евгений Лысенко олиб борди. Унда ИИВ Академиясининг кундузги таълим курсантлари, Ахборот технологиялари ва Тергов фаолияти кафедралари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Россиялик мутахассис кибер маконда содир этилаётган жиноятлар, уларнинг турлари ва хусусиятлари, уларга имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитлар, кибержиноятчи шахсининг криминологик қиёфаси ҳақида тушунча берди. Шунингдек кибержиноятларни тергов қилиш методикалари, замонавий техник ва дастурий таъминотлар, соҳа ходимларининг касбий билим ва амалий кўникмаларини оширишда хориж тажрибасининг аҳамиятига тўхталди.
Машғулот якунида курсантлар ўзлари қизиққан саволларга жавоб олишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати