
Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда “инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни тўлақонли рўёбга чиқаришга қаратилган.
Инсон қадрини улуғлаш, аввало, аҳолининг фаровонлигини ошириш, қонун устувор жамиятни барпо этиш деганидир. Бунинг учун ҳар бир соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, халқ манфаатларига хизмат қиладиган самарали тизим яратиш, коррупциявий ҳолатларга буткул барҳам бериш ва ушбу иллатга қарши муросасиз курашиш лозим.
Бу борада Президентимиз Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов коррупция эканини алоҳида таъкидлади. Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан аниқ мақсадларга йўналтирилган 55 та ташаббус илгари сурилди. Муҳим йўналишлар қаторида жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида жиноятга оид маълумотларни кўриб чиқиш ва ҳал этишга доир қатор нормалар белгиланган. Жумладан, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол ёки қўшимча текшириш зарурати бўлганда ўн сутка ёхуд прокурорнинг рухсати билан бир ойгача бўлган муддатда ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид маълумотлар қайд этилган вақтдан бошланиб, ҳолат бўйича жиноят ишини қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунига ёхуд терговга қадар текширув материаллари прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади.
Терговга қадар текширув материаллари прокуратура органларига юборилишининг боиси, жиноят содир этилгани тўғрисидаги ариза ва хабарларни кўриш ҳамда ҳал қилиш, текширувни амалга оширишнинг қонунда белгиланган тартиби, чиқарилган қарорнинг қонунийлигини назорат қилиш прокурорнинг ваколатидир. Ушбу қоидаларда қонунчиликда терговга қадар текширув, яъни жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олинишини ҳал қилиш жараёнида рақамли технологияларни назарда тутадиган ёки уни чеклайдиган алоҳида норма кўзга ташланмайди.
Бу борада баъзи давлатлар тажрибаси ўрганилганда, жиноят иш юритуви жараёни рақамлаштирилгани ижобий самара бераётгани маълум бўлди. Масалан, Германияда жиноят тўғрисида ариза, хабар ва маълумотларнинг рақамли текшируви жиноят-процессуал қонунчилик билан тартибга солинган. Арманистон Жиноят-процессуал кодексига кўра, юридик шахснинг жиноят тўғрисидаги хабари хизмат хати шаклига эга бўлиши ёки телеграмма, телефонограмма, радиограмма, электрон почта ёхуд бошқа тасдиқланган маълумот кўринишида бўлиши лозим. Бундан ташқари, мазкур тизим Грузия, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Эстония ва бошқа давлатларда ҳам йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда 2020 йилга қадар ички ишлар органларига келиб тушган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарлар қоғоз шаклда қабул қилинар, бу эса маълумотларни ўз вақтида рўйхатга олиш ҳамда жиноят-процессуал қонунчиликда белгиланган муддатда ҳал қилишда салбий ҳолатларни келтириб чиқараётган эди. Тизимдаги изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ ички ишлар органлари фаолиятига ахборот технологиялари кенг жорий қилингани натижасида “102” автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилди. Маълумотларга кўра, 2024 йилда “102” хизматига беш миллиондан ортиқ мурожаат келиб тушган, уларнинг барчаси қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилган.
Албатта, жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни рўйхатга олишнинг тезкорлиги ва инсон омилисиз амалга оширилиши ижобий жараёндир. Бу ўринда қайд этилган маълумотларни қонун талаблари асосида текшириш ва ҳал этиш жараёнини ҳам рақамлаштириш вазифаси долзарб масала. Айнан бу борада 2021 йилдан бошлаб жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни электрон рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш натижаларининг ягона электрон ҳисобини юритиш имконини берувчи “E-material” дастурий модули ишга туширилди.
Белгиланган тартиб бўйича “102” тизими орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар терговга қадар текширув органи мансабдор шахсига етказилади. Терговга қадар текширув органи ходимининг мурожаатни ҳал этиш жараёни ситуaцион-таҳлилий марказ кузатувида бўлади. Бундан ташқари, “E-material” дастурий модули ёрдамида жиноятга оид маълумотларни ҳал этиш жараёни бўйича прокурорлик ҳамда идоравий назорат ҳам амалга оширилади.
Бироқ таҳлиллар жиноятга оид ариза ва хабарларни “E-material” электрон ахборот тизими орқали рўйхатга олиш, улар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишда процессуал қонунчиликка амал қилиш юзасидан идоравий ҳамда прокурорлик назоратини янада кучайтириш лозимлигини кўрсатади.
Шундан келиб чиқиб, “E-material” электрон ахборот тизимига жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларнинг тўғри қайд этилиши бўйича прокурор назоратини кучайтириш, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги ҳар бир қарор лойиҳасининг прокурор ва тергов органи раҳбари томонидан ўрганилиб, жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса қилиш, яққол жиноят аломатлари мавжуд бўлган маълумотлар бўйича дарҳол жиноят иши қўзғатиш чораларини кўриш жиноятларни ҳисобга олиш фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Мазкур механизм жорий этилиши натижасида, биринчидан, жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни ўз вақтида қабул қилиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш тизими такомиллаштирилади.
Иккинчидан, терговга қадар текширув фаолияти устидан прокурорлик ва идоравий назорат янада кучайтирилади ҳамда жиноятни ҳисобдан яшириш ҳолатларига барҳам берилади.
Учинчидан, жиноят ва ҳодисаларга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш ҳамда терговга қадар текширув жараёнини тўлиқ рақамлаштириш имконияти вужудга келади. Энг муҳими, давлат органларининг ваколатли мансабдор шахслари билан боғлиқ коррупциявий жиноятларни озиқлантирувчи омиллар бартараф этилади.
Рустам ҲОТАМОВ,
ИИВ академияси бошлиғи,
юридик фанлар бўйича
фалсафа доктори (PhD), доцент