ИИВ академиясида ўқувчилар, маҳалла фаоллари ва ички ишлар тизими фахрийлари иштирокида учрашув ўтказилди.
Тадбир олдидан меҳмонлар – пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Алишер Навоий” ва “Шукур Бурҳонов” маҳаллалари ҳамда 208-сон умумтаълим мактаби вакиллари академия ҳаёти билан яқиндан танишдилар. Уларга ўқув муассасасининг фаолияти, масканда йўлга қўйилган таълим жараёнлари, курсантлар учун яратилган замонавий шароитлар ҳақида сўзлаб берилди.
Ахборот-ресурс марказининг кенг имкониятлари, назарий ва амалий машғулотларда қўлланилаётган илғор ёндашувлар, ёшларнинг ватанпарварлик руҳи ва касбий фазилатларини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шундан сўнг маънавият ва маърифат марказида “Ватанга меҳр ва садоқат – олий бурчимиз!” мавзуида учрашув ўтказилди. Унда истеъфодаги фахрийлар Тоҳир Муллажонов, Сулаймон Валиев ва бошқалар сўзга чиқди. Улар китоб ўқиш, касб эгаллаш, эл-юртга дахлдорлик билан яшаш, Ватан тинчлиги ва равнақи учун хизмат қилиш, жамиятга наф келтириш каби инсон умрининг маънавий мезонлари ҳақида сўз юритдилар. Ўқувчиларга ёшлик онларини беҳуда ўтказмай, келажак мақсадлар сари интилиш, давлатимизнинг юксак ишончини муносиб оқлаш юзасидан тавсиялар бердилар.
Шу куни меҳмонлар академиядаги янгиланишларга оид видеороликни томоша қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати