Юртимизда маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида изчил чора-тарбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Фарғона вилоятидаги маҳаллаларнинг аксарияти “яшил” тоифадан ўрин олган. Айрим маҳаллалар “сариқ” тоифага киритилган бўлса, қолганлари криминоген вазияти оғир ҳудуд сифатида баҳоланган. Бу эса ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик ишлар самарадорлигини янада оширишни тақозо этади.
Ички ишлар вазирлиги академияси ишчи гуруҳининг вилоятдаги ўрганишлари давомида “қизил” тоифадаги ҳудудларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Қува туманининг “Гўзал”, Олтиариқ туманининг “Мирфозил”, “Шодлик”, “Янгиараб”, Қўштепа туманининг “Қорақушчи”, Фарғона туманининг “Хонқиз”, “Оқбилол”, “Марғилон” ҳамда Қувасой шаҳрининг “Ҳамид Олимжон” ва “Гулистон” маҳаллаларидаги учрашувлар чоғида мавжуд вазият атрофлича муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, ҳудудларни ўрганиш жараёнида бу билан чекланиб қолинаётгани йўқ. “Маҳалла еттилиги” аъзолари, фуқароларнинг таклифлари тингланиб, криминоген вазиятни барқарорлаштириш, муаммоларни ҳал этиш борасида методик ёрдам кўрсатилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати