Ички ишлар вазирлиги академиясида “Жиноятчиликка қарши курашишнинг долзарб муаммолари: назария ва амалиёт” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, мутахассис ва экспертлар, шунингдек, онлайн форматда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Арманистон Республикаларининг турдош олий таълим муассасалари олимлари иштирок этган анжуман муҳокамаларга бой ўтди.
Ялпи мажлис ва сессиялар тарзида ўтган конференцияда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида миллий ҳамда халқарор тажрибанинг илғор жиҳатлари таҳлил қилинди. Маҳаллий ва хорижий экспертларнинг “Жиноятчиликка қарши курашишнинг жиноят-процессуал жиҳатлари”, “Жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасида халқаро-ҳуқуқий стандартлар”, “Судга қадар жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини такомиллаштириш”, “Жиноятчиликка қарши курашишда жиноят ишини юритишнинг тезкорлигини таъминлаш”, “Рақамли жамиятда жиноятчиликка қарши курашишнинг криминалистик жиҳатлари”, “Коррупцияга оид жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий асослари” ва бошқа мавзудаги маърузалари тингланди.
Соҳа мутахассислари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида соҳадаги муаммоларнинг илмий-амалий ечимларига қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати