Ички ишлар вазирлиги академиясида жиноят қонунчилигининг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда қонун ижодкорлари, суд-ҳуқуқ тизими вакиллари, юртимизнинг етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларидан олим ҳамда экспертлар, шунингдек, онлайн форматда хорижий мутахассислар иштирок этди.
Анжуманни академия бошлиғи Рустам Хатамов кириш сўзи билан очиб, мазкур соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда амалдаги қонунчиликни лебараллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, илгари миллий қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган айрим турдаги жиноятлар ҳамда мажбурий меҳнатга қарши жавобгарликнинг амалиётга татбиқ этилгани, ўндан ортиқ моддалар шахсни жавобгарликдан озод қилишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар билан тўлдирилгани, жиноий жавобгарликнинг минимал 14 ёшдан белгиланиб, “қамоқ” жазосининг бекор қилингани шулар жумласидандир.
Анжуманда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги академияси ва бошқа ташкилотлар вакиллари сўзга чиқди. “Жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари”, “Жиноят-ҳуқуқига оид илмий-назарий ғояларни амалда қўллашнинг долзарб муаммолари: фан, қонунчилик ва амалиёт”, “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятларга қарши курашишнинг жиноят-ҳуқуқий чораларини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” ҳамда бошқа долзарб мавзуларда маърузалар тингланди. Соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари асосида жиноят қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Илмий-амалий анжуманда ҳуқуқшунослик илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган олимларнинг меҳнати ҳам эътироф этилди. Шулар қаторида соҳа учун кўплаб шогирдлар етиштирган, самарали илмий-педагогик фаолияти билан ўзига хос мактаб яратган профессор Рустам Кабулов табаррук етмиш ёши билан қутланди. Тажрибали устоз бошлаб берган анъаналар илм-фанда янги уфқларни очиши таъкидланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати