Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жанговар ва жисмоний тайёргарлик – профессионал фаолият мезони

16 Декабрь 2021, 07:12

3578

ИИВ Академиясида “Ички ишлар органларида кадрларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини таъминлашнинг бугунги ҳолати: муаммо ва ечимлар” мавзуида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

 “Касбий тайёргарлик ойлиги” доирасида ташкил этилган анжуманда Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, шунингдек турдош олий таълим муассасаларидан вакиллар, эксперт ва тадқиқотчилар ҳамда курсантлар иштирок этди.

Таъкидлаб ўтилганидек, минтақамиз ва дунёнинг айрим мамлакатларида юзага келаётган мураккаб вазият, глобал хавф-хатарлар, айниқса халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, одам савдоси каби таҳдидлар ички ишлар органлари олдига янги-янги вазифаларни қўймоқда. Профессионал ички ишлар органи ходими ўз зиммасига юклатилган вазифаларни мукаммал бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамиятда қонун устуворлиги ҳамда шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашда нафақат касбий, балки жанговар ва жисмоний жиҳатдан ҳам чиниқиши керак. Чунки ички ишлар органи ходими хизмат фаолияти давомида турли экстремал ҳолатларга дуч келиши мумкин. Бундай вазиятда у давлат ва жамият хавфсизлиги билан бирга, ўз хавфсизлигини ҳам таъминлаши, бунинг учун зарур махсус тайёргарликка эга бўлиши лозим.

Сўнгги йилларда соҳа ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар шайлигини ошириш, махсус-тактик ва саф тайёргарлиги, ўқотар қуролларни қўллаш ва ундан фойдаланиш кўникмаларини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, турли ностандарт вазиятларда ҳуқуқбузар ёки жиноятчига нисбатан жанговар-жисмоний усулларни  қўллашда фаолиятнинг услубий жиҳатларини такомиллаштириш масаласида ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд.   

Илмий-амалий конференцияда “Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари”, “Ички ишлар органлари тизимида ходимларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини такомиллаштириш”, “Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ташкил этишнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари”, “Жанговар ва жисмоний тайёргарликни такомиллаштириш – жамоат хафвсизлигини таъминлашнинг муҳим устувор йўналиши”, “Махсус операцияларда ходимларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Ички ишлар органлари соҳасига татбиқ қилинаётган замонавий тенденциялар, ходимларнинг касбий ва жанговар-жисмоний кўникмаларини шакллантириш, ностандарт вазиятларда умумий ва махсус чидамлилик, куч ва тезкор-куч қобилиятини ривожлантириш методлари, бу борада хорижий давлатлар полиция тизимида қўлланилаётган инновацион ёндашувлар муҳокама қилинди. Мавжуд муаммоларнинг ечимлари бўйича бир қатор таклифлар билдирилди. Тизим учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича замонавий талаблардан келиб чиқиб, турдош олий таълим муассасалари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Анжуман сўнггида кўргазмали ўқув-методик машғулотлар ҳам ташкил қилинди. ИИВ Академиясининг Ҳарбий тайёргарлик кафедраси қошидаги ўқ отиш тири ҳамда Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида ўтказилган машғулотлар жараёнида тўппончадан ўқ отиш, қўл жанги, самбо ва жанговар самбо ҳамда шахсий ҳимояланиш усулларини қўллаш амалий жиҳатдан намойиш этилди. Мутахассислар томонидан ходимларнинг жисмоний сифатлари ва жанговар қобилиятини шакллантиришнинг самарали мезонларини амалиётга татбиқ этиш борасида тавсиялар ўртага ташланди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech