Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жамоатчилик эътиборидаги масала муҳокама қилинди

11 Январь 2024, 08:01

815

10 январь куни Олий Мажлис Сенатида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган мажлисда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ маълумотларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернет ахборот тармоғига жойлаштириш учун жавобгарлик белгиланмоқда.

– Масаланинг бир жиҳатига алоҳида эътибор қаратиш керак. Миллий қонунчилигимизда ходимларни тасвирга олиш тақиқланмаяпти, фақат олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш учун жавобгарлик назарда тутилмоқда. Бу борада хориж тажрибасини ҳам чуқур таҳлил қилдик. Қатор ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини суратга олиш тақиқлангани, муайян чоралар белгиланганини кўриш мумкин, – деди қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов.

Маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда фуқаролар томонидан хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати ходимлари 253 марта фото ва видеотасвирга олиниб, интернет тармоқларида тарқатилган. Мазкур видеотасвирларнинг 102 тасида ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини ўзлари бузган бўлса-да, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нотўғри изоҳ берган ҳолда ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган. Бу каби ҳолатлар ходимларнинг халқ орасида обрўсизланишига олиб келмоқда.

Мажлисда мазкур норма аҳоли орасида ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани қайд этилди. Долзарб масала юзасидан қонун ташаббускорлари, шунингдек, ИИВ академияси, Жамоат хавфсизлиги университети, Тошкент давлат юридик университети олимларининг фикрлари, таклиф ҳамда мулоҳазалари тингланди. Қўмита вакилларининг айтишича, қонун мутахассис ва экспертлар, жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда яна муҳокама қилинади.

ИИВ академияси ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech