Ёшларга замонавий таълим бериш, уларнинг иқтидор ва салоҳияти рўёбга чиқариш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академиясида Иқтидорли курсантлар кенгаши фаолият бошлаган эди. Кенгаш аъзолари билан ўтказилган навбатдаги учрашувда ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар ва истиқболдаги муҳим вазифалар қизғин муҳокама қилинди.
Учрашувда Академия бошлиғи Рустам Хатамов сўз олиб, кенгашнинг бир йиллик фаолиятини таҳлилий сарҳисоб қилди. Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида кенгаш фаолларининг ташаббуслари асосида таълим маскани ҳаётига қатор янгиланишлар жорий қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси доирасида маънавий-маърифий, бадиий-эстетик тарбия ва спорт йўналишида 20 та янги тўгарак фаолияти йўлга қўйилди. Ахборот-ресурс марказида қошида “Буюк соҳибқирон Амир Темур” ҳамда “Турон қоплони – Жалолиддин Мангуберди” синфхоналари барпо этилиб, электрон заллар қўшимча интернет тармоғига уланган 200 та замонавий компьютер билан жиҳозланди.
Хорижий тиллар, ахборот технологиялари, кибержиноятчиликка қарши курашиш йўналишлари бўйича қўшимча факультатив машғулотлар, шунингдек курсант қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мақсасида ўқув курслари ташкил этилди. Курсантларнинг базавий амалиёт машғулотлари, турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, кўрик-танлов ва спорт мусобақалари сони сезиларли кўпайтирилди. Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Билим олишга интилувчан, фидойи ва ташаббускор ёшларни раҳбатлантириш мақсадида “Иқтидорли курсант”, “Чўлпон” кўкрак нишонлари таъсис этилди. Курсантларнинг ота-онаси ва ўзи ўқиган таълим масканларига миннатдорчилик хатлари юбориш, жамловчи ички ишлар органларига лавозимга тайинлашда устунлик бериш тўғрисида тавсияномалар киритиш каби янгиликлар жорий қилинди.
Учрашувда кенгаш фаолиятининг устувор йўналишларига эътибор қаратилди. Академия бошлиғи таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ёшларни эзгу мақсад сари бирлаштириш ва замонавий имкониятлардан самарали фойдаланишда гуруҳ етакчиларини янада фаол бўлишга чақирди. Кенгаш ёшлар таклиф ва ташаббусларини рўёбга чиқаришда асосий минбарга айланиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Самимий мулоқот чоғида курсантлар томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Кенгаш аъзолари номидан 205-гуруҳ курсанти Севара Файзуллаева, 220-гуруҳ курсанти Муҳаммадмирзохон Аълохонов, 223-гуруҳ курсанти Ирода Ҳасановалар сўзга чиқиб, яратилган имконият ва шарт-шароитлар учун миннардорлик билдиришди. Шу куни истеъдодли ёшларнинг илк шеърий тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди. Таълим маскани раҳбари иқтидор эгаларининг келгусидаги фаолиятига баркамоллик тилаб, ёшларни “Илҳом ва ижод завқи” деб номланган мазкур тўплам ҳадма Отабек Ҳасановнинг “Лидерлар китоби” рисоласи билан тақдирлади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати