Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Иқтидорли курсантлар қандай ташаббусларни илгари сурди?

02 Декабрь 2021, 08:12

2129

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Иқтидорли курсантлар кенгаши аъзолари билан учрашди. Мулоқот давомида ёшлар томонидан таълим самарадорлигини янада оширишга қаратилган илғор ғоялар илгари сурилди.

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати замонавий тараққиётнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Келажагимиз ворисларининг орзу-ҳаваслари, ҳаётий мақсад-муддаоларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак илм-маърифатли, юрт тақдирига дахлдор, ватанпарвар ва шижоатли ўғил-қизларни камол топтиришга хизмат қилмоқда. Бунинг эзгу самаралари ёш авлод орасида етишиб чиқаётган янги-янги истеъдодлар, иқтидор ва салоҳият эгаларининг ютуқлари, жамиятимиз равнақи йўлидаги фаол ташаббус ва интилишларида намоён бўлаётгани қувонарли, албатта.

Маълумки, жорий йилнинг апрель ойида ИИВ Академияси бошлиғининг ташаббуси билан Иқтидорли курсантлар кенгаши фаолияти йўлга қўйилиб, кундузги таълим ўқув гуруҳларидан фанларни юбори баҳоларга ўзлаштираётган, касбий ва маънавий-ахлоқий фазилатлари, иқтидори, фидоийлиги, ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган энг фаол ўғил-қизлар кенгаш таркибига қабул қилинган эди. Шунингдек кенгаш аъзоларининг ҳар ойда бир маротаба таълим маскани бошлиғи билан учрашувини ўтказиш орқали уларнинг ўқув жараёнини самарали ташкил этиш бўйича фикрлари, таклиф ҳамда тавсияларини ўрганиб, амалиётга жорий қилиш белгиланган. 

Галдаги учрашувда Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов кенгашнинг ўтган давр мобайнидаги фаолиятини сарҳисоб қилди. Айтиб ўтилганидек, ёшларнинг замон талаблари даражасида билим олишлари, касбий кўникма ва маънавий-ахлоқий салоҳиятларини юксалтириб боришлари мақсадида ўқув жараёнига қатор ёндашувлар татбиқ этилмоқда.  

Чунончи, ҳозирда кундузги таълим курсантлари ўқув тезкор-тергов гуруҳлари таркибида Тошкент шаҳрида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятлар бўйича воқеа жойига чиқиб, назарий билимларини амалий кўникмалар ёрдамида мустаҳкамлаб келмоқдалар. Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Юнусобод туманларида кунлий базавий амалиёт ўташ имконияти йўлга қўйилди. Ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган онлайн мастер-класс машғулотлари курсантларнинг жойлардаги криминоген вазият билан яқиндан танишиши ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятига мослашишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда ёшларнинг халқаро тажрибани ўрганишига кенг йўл очилган.  Бундан ташқари, ўқув даргоҳида илмий, маънавий-маърифий, бадиий-эстетик тарбия ҳамда жисмоний тарбия ва спорт йўналишларида бир қанча тўгаракларнинг ташкил этилгани уларнинг ўз қобилияти ва иқтидорини тўла намоён этишига имкон бермоқда.

– Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли янгиланишлар ёшлар зиммасига улкан масъулият юклайди, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи. – Биз ёшларни ўйлантираётган муаммоларга стратегик муҳим вазифа сифатида қараётганимиз бежиз эмас. Айни жараёнда кенгаш аъзолари таълим муассасаси раҳбарияти ва курсантлар ўртасида асосий “драйвер”га айланиши керак. Чунки юксак билим ва дунёқарашга эга, креатив фикрлайдиган, ҳар жабҳада фаол, ташаббускор, ватанпарвар курсантларни тарбиялаш, бу борада уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва профессионал кадрлар бўлиб етишиши учун барча имкониятларни ишга солиш устувор мақсадимиздир.

Мулоқот чоғида киберхавфсизлик, IT-технологиялар ва хорижий тилларни ўрганишга йўналтирилган қўшимча мушғулотлар ташкил этиш, иқтидорли курсантларнинг кўкрак нишонини таъсис этиш, ихтисослик йўналишлари бўйича турдош олий таълим муассасалари ёшлари орасида билимлар беллашувини мунтазам ўтказиб бориш, базавий амалиёт машғулотлари кўламини кўпайтириш, истеъдодли курсантларнинг ижод намуналарини китоб ҳолида нашрдан чиқариш борасида қатор таклифлар ўртага ташланди. Академия бошлиғи тегишли хизмат ва таркибий тузилмалар раҳбарларига ёшлар ташаббусларининг амалий ижросини таъминлаш юзасидан аниқ вазифаларни юклади. Кенгаш аъзолари ўз тенгдошларига ўрнак бўлиш баробарида, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” деган эзгу тамойил асосида ёшларни буюк мақсадлар сари бирлаштириши лозимлиги таъкидланди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech