ИИВ Академиясида “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ва истиқболдаги муҳим вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” ва “ташкилий-тактик бошқарув” йўналиши тингловчилари, кундузги таълим курсантлари, амалиёт ходимлари ва ўқув муассасаси профессор-ўқитувчилари қатнашди.
Айтиш жоизки, сўнгги йилларда жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши самарали курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди. Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб “Хавфсиз пойтахт”, “Хавфсиз шаҳар”, “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз хонадон” сингари концепцияларнинг жорий қилингани криминоген вазиятни барқарор сақлаш, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг ўз вақтида олдини олиш, жамоат тартибини сақлашда мавжуд куч ва воситаларни самарали бошқариш билан бир қаторда, ички ишлар органларининг фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Давра суҳбатида бош бошқарма бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов сўз олиб, “Хавфсиз пойтахт” концепцияси доирасида бажарилаётган комплекс чора-тадбирлар, жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишнинг афзаллик жиҳатларига тўхталиб ўтди. Унинг қайд этишича, тизимга жорий қилинаётган интеграциялашган тизимлар криминоген вазиятга тезкор таъсир кўрсатиш, уни назорат қилиш ва баҳо бериш имконини бермоқда.
Тадбирда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳрида қайд этилган жиноятлар, уларнинг сабаб ва шароитлари, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек Ситуацион бошқарув маркази, “Геоинформацион электрон харита” автоматлаштирилган дастури, “Face ID” қурилмаларининг вазифалари, уларни бошқариш механизмлари тақдимот тарзида намойиш этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати