Юртимизда маҳалла институтини ривожлантириш ва шу орқали халқ манфаатларини кўзлайдиган самарали тизим яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз бу ҳақда тўхталиб, маҳаллалар халқ билан давлат ўртасида кўприк бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди. Зеро, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар самараси, аввало, маҳалла ҳаётида, аҳолининг турмуш фаровонлигида намоён бўлади. Бунинг учун ҳар бир маҳалла жиноятдан холи бўлиши керак.
Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятидаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда ўрганишлар олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад халқ билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш, жиноятчиликни жиловлаш бўйича ҳудудларга илмий-амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Самарқанд шаҳрининг “Боғисарой” ва “Абу Райҳон Беруний” маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашувда ишчи гуруҳ раҳбари Рустам Хатамов “маҳалла еттилиги” аъзолари, уларга яқин кўмакчи бўлаётган фаоллар билан мулоқот қилди. Йиғилишда мазкур маҳаллаларнинг криминоген ҳолати, жиноятчиликни жиловлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Масъулларга мавжуд аҳволни тубдан яхшилаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, айниқса ижтимоий профилактикани кучайтириш борасида зарур тавсиялар берилди.
Шу куннинг ўзида туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари учун ўқув машғулоти ҳам ташкил қилинди. Жонли мулоқот тарзида ўтган машғулотда тизимдаги изчил ислоҳотлар, фаолиятни ташкил этишнинг замонавий ёндашувлари, раҳбар кадрларга қўйилаётган долзарб талаблар, жиноятчиликни жиловлашнинг самарали механизмлари тушунтириб ўтилди.
Ишчи гуруҳ томонидан ҳуқуқбузарликнинг сабабларини аниқлаш ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган ўрганишлар давом эттирилмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати