ИИВ Академиясида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури: устувор мақсад ва вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ихтисослик ва юридик кафедралар профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилар ҳамда кундузги таълим курсантлари иштирок этди.
Давра суҳбатида парламент депутатлари Нодира Джанибекова ва Муҳтабар Ҳусановалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотларга тўхталиб ўтишди.
Қайд этилганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Миллий таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга қаратилган.
Шунингдек, тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ўрганувчи институтлар тизимини кенгайтириш, уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишларини мувофиқлаштириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати