ИИВ Академиясида “Ички ишлар органлари ходимларининг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш: бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ички ишлар вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Қўл жанги федерацияси вакиллари, шунингдек турдош олий таълим масканлари ҳамда илмий-амалий тадқиқот муассасаларидан мутахассислар иштирок этди.
Анжуман аввалида ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икрамов сўзга чиқиб, тизим ходимларининг касбий тайёргарлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, мазкур фаолиятни такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига тўхталиб ўтди.
Илмий-амалий конференцияда “Мамлакатимизда профессионал ёш кадрларни тайёрлаш – кучли миллат ва давлатни барпо этиш кафолати”, “Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини ошириш тенденциялари: муаммо ва ечимлар”, “Жамоат хавфсизлигини таъминлашда бўлинмаларнинг жанговар ва махсус тайёргарлигини ташкил этишнинг асосий йўналишлари”, “ИИВ Академияси курсантларининг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги боʼйича замонавий ёндашувлар”, “Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш борасидаги ислоҳотлар самаралари”, “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида қўл жангини янада такомиллаштириш: истиқбол ва натижалар” мавзуларида маъруза тингланди.
Соҳа вакиллари ва мутахассислар томонидан илмий асосланган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати