24 декабрь куни Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-майор Александр Васильев бошчилигидаги делегация мамлакатимизга келди. Ташриф доирасидаги асосий тадбирлар Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик алоқалари икки томонлама келишув асосида жадал ривожланиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида кибержиноятларнинг олдини олиш, тергов жараёнида ахборот технологияларини самарали қўллаш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш каби муҳим йўналишларда ўқув-тренинг машғулотлари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар учун малака ошириш курслари ташкил қилинди. Истиқболдаги алоқаларда ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, кадрлар тайёрлашнинг илғор ёндашувларини оммалаштириш назарда тутилган.
Томонларнинг тор доирадаги учрашувида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий жиҳатларига эътибор қаратилди.
– Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда ўзаро ишонч ва интилиш муҳим аҳамият касб этади, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Қисқа фурсатда ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда аниқ натижаларга эришдик. Ўйлайманки, бу борада мавжуд салоҳиятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Бугунги мулоқотимиз яқин истиқболга мўлжалланган лойиҳаларни муҳокама қилиш имконини беради.
Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи, генерал-майор Александр Васильевнинг эътироф этишича, ҳозирги мураккаб даврда икки томонлама ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш жуда муҳим. Ўзбекистон таълим тизимида қўлланилаётган ўзига хос ёндашувлар эса айни жиҳати билан катта қизиқиш уйғотмоқда.
Музокалардан сўнг делегация аъзолари Академия фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга таълим жараёнига татбиқ этилган янгиликлар, шахсий таркиб билан олиб борилаётган жанговар-жисмоний ва маънавий-маърифий ишлар ҳақида маълумот берилди. Айниқса Академия ёшларининг спорт соҳасида қўлга киритаётган улкан ютуқлари меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Беларусь Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечириб, назария ва амалиёт уйғунлигининг ўзига хос хусусиятлари борасида ўз мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек меҳмонлар Ахборот-ресурс марказининг замонавий имкониятлари билан танишиб, масканда барпо этилган “Турон қоплони – Жалолиддин Мангуберди” ҳамда “Буюк соҳибқирон Амир Темур” хоналарини томоша қилдилар. Шу ернинг ўзида Александр Васильев яқинда Беларусь Республикасида тажриба ўрганиб қайтган курсантлар билан мулоқот қилди.
– Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати ҳаётга изчил татбиқ этилганига гувоҳ бўлдим. Айниқса курсантларнинг замонавий билим олиб, касбий кўникмаларни эгаллаши учун барча имкониятлар яратилган. Кадрлар тайёрлашнинг тизимли йўлга қўйилгани эса ички ишлар органларини етук салоҳиятли мутахассислар билан таъминлашга пухта замин яратади. Амалиётга жорий қилинган илғор ёндашувларни Беларусь тажрибасида қўллашни режалаштирганмиз, – деди А. Васильев.
Шунинг билан Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси делегациянинг хизмат сафари ниҳоясига етди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати